Сув келтирган элда азиз

Ватанимиз мустақиллигининг 22 йиллик байрами шукуҳи кезиб юрган шу кунларда Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка овуллари аҳолиси тоза ичимлик суви билан таъминланди. Инвестиция дастурига мувофиқ амалга оширилган 1 миллиард 200 миллион сўмдан зиёд бунёдкорлик ишлари туфайли Қўнғирот тумани марказидан 30 километр олисда жойлашган Ажиниёз ва Мамут овулларида яшаётган 2 мингдан зиёд аҳолига тоза ичимлик суви етказиб берилди. Бунинг учун 14 километрлик сув қувурлари ётқизилди. Обод турмуш йилида аҳолининг фаровонлигини таъминлаш мақсадида бундай хайрли ишлар “Қорақалпоққишлоқхўжаликсувтармоқлари” корхонаси томонидан амалга оширилди. Жорий йилнинг биринчи ярмида корхона томонидан 24 қишлоққа 53,5 километр сув тармоғи тортилиб, 20 мингга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланди. – Йилнинг иккинчи ярмида ҳам бу борадаги ишларни давом эттирмоқдамиз, – дейди корхона раҳбари Ў.Ешмуратов. – Йил якунигача умумий қиймати 6 миллиард 200 миллион сўмлик иш бажариб, 47,2 километр масофага сув қувури ётқизиш режалаштирилган. Натижада 38 минг нафарга яқин аҳоли тоза ичимлик суви билан таъминланади. Буларнинг барчаси Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасидир. ЎзА, А.Ортиқбоев
Sana: 2013-09-21 09:58:58, Ko'rib chiqildi: 2620