Qoraqalpog'iston Respublikasi Vazirlar Kengashi

Qoraqalpog'iston Respublikasining Davlat hukumat portali


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг янги расмий веб-сайтига ўтиш. http://karakalpakstan.uz


Sahifani PDF tarzda yuklab olish Sahifani PDF tarzda yuklab olish (57 Kb)    Versiyasi    Sahifani doc tarzda yuklab olish (57 KB)

“Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ҚАРОРИ
№193, 15.07.2014

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил

11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 189-сонли қарори ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 19 февралдаги ПҚ-2133-сон қарори билан тасдиқланган “Соғлом бола йили” Давлат дастури 9-бандининг ижросини таъминлаш, ўсиб келаётган ёш авлодни она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, улар онгига халқимизнинг бой миллий маданий мероси ва тарихий ўтмишини ҳурмат қилиш ва эъзозлашни сингдириш ҳамда аҳоли дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил
11 июлдаги “Давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 189-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

2. Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори билан:

а) Идоравий бўйсунишидан қатъий назар барча давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари болаларнинг республика давлат музейларига бепул кириши кунлари этиб белгиланганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг аҳоли, айниқса ўқувчи ёшларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳар йили 2-8 сентябрь кунлари “Музейлар ҳафталиги”ни ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда аҳолининг шу кунлари давлат музейларига бепул кириши тўғрисидаги таклифи маъқулланганлиги;

в) Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 апрелдаги 68-сон қарори билан тасдиқланган Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тўғрисидаги Низомга киритиладиган ўзгартириш ва қўшимчалар иловага мувофиқ тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Манфаатдор вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 12 апрелдаги
68-сон қарори билан тасдиқланган Миллий музей фонди таркибига киритилган музей ашёлари ва музей коллекцияларини кириб кўриш тартиби ва шартлари тўғрисидаги Низомига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқлаштирсин.

4. Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда ҳар ойнинг сешанба, жума кунлари музейларга ўқувчиларнинг ташрифлари бўйича зудлик билан қўшма чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ва уларни амалга оширилишини таъминласин.

5. Идоравий бўйсунишидан қатъий назар барча давлат музейларининг болалар ва уларнинг ота-оналарига очиқлигини таъминлаш мақсадида ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари болаларнинг республика давлат музейларига бепул кириши кунлари этиб белгилансин.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги аҳоли, айниқса ўқувчи ёшларнинг дам олишини мазмунли ташкил этиш мақсадида ҳар йили 2-8 сентябрь кунлари “Музейлар ҳафталиги”ни ва унинг доирасида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш ҳамда аҳолининг шу кунлари давлат музейларига бепул киришини таъминласин.

7. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Олий таълим муассасалари, Халқ таълими вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бошқармаси, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда “Музейлар ҳафталиги”ни ва унинг доирасидаги маданий-маърифий тадбирларни юқори савияда ўтказиш чора-тадбирларини ишлаб чиқсин ва уларни амалга оширилишини таъминласин.

8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Мамутов зиммасига юклансин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси

Вазирлар Кенгашининг Раиси                               Б.Янгибаев

 


Ko'rib chiqildi: 7308

Sahifalar