13.11.2014-№237-б

 
ЛОЙИҲА
 
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг ФАРМОЙИШИ
 
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-4376-сонли фармойиши ҳақида
 
Мустақил ва суверен Ўзбекистон давлатининг ташкил топиши ва ривожланиши, унинг халқаро майдонда муносиб обрў-эътиборга эга бўлиши, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб келаётган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 22 йиллигини кенг нишонлаш мақсадида:
1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 7 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ф-4376-сонли фармойиши ижро учун раҳбарликка олинсин.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу фармойиши билан:
а) Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика ташкилий қўмитаси таркиби иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;
Ташкилий қўмитага беш кунлик муддатда тегишли тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга оширишга киришиш топширилганлиги;
б) Республика Маънавият ва маърифат кенгаши Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг белгиланган режа асосида фаолият олиб боришини таъминлаш топширилганлиги;
в) Тошкент шаҳар ҳокимлигига Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда 2014 йил 5 декабрь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган тантанали йиғилиш ҳамда мамлакатимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги байрам дастурини юқори савияда ташкил этишни таъминлаш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
3. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигини Қорақалпоғистон Республикасида нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича республика ташкилий гуруҳ таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Республика ташкилий гуруҳи Нукус шаҳри ва туманларда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллик байрамига бағишлаб аҳолининг кенг қатламлари ўртасида маърифий учрашувлар, жонли мулоқот ва суҳбатлар, адабий-бадиий кечалар, маданий тадбирлар ўтказиш мақсадида таниқли олимлар, ижодкор зиёлилар, санъаткорлардан иборат маънавий-маърифий тарғибот гуруҳларини ташкил этиш ҳамда уларнинг белгиланган режа асосида фаолият олиб боришини таъминласин.
4. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигини нишонлаш бўйича шаҳар ва туманларда амалга оширилаётган тайёргарлик ишларга амалий ёрдам бериш ва уларнинг талаб даражасида бўлишларини назорат қилиш бўйича туманларга бириктирилган масъуллар рўйхати 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Туман (шаҳар)ларга бириктирилган масъуллар Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма икки йиллик байрамига бағишлаб ҳар бир ҳудудда байрам тадбирларининг талаб даражасида амалга оширилишига, маънавий-маърифий тарғибот гуруҳларининг режага мувофиқ фаолият юритишига амалий ёрдам берилишини таъминласинлар.
5.Нукус шаҳар ҳокимлиги Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги билан биргаликда 2014 йил 5 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган тантанали йиғилиш ҳамда мамлакатимиз санъат усталари ва ёш ижрочилар иштирокидаги байрам дастурини юқори савияда ташкил этилишини таъминласин.
6. Туман (шаҳар)лар ҳокимликлари, вазирликлар ва идоралар ҳамда олий таълим муассасалари 8 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллиги муносабати билан меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ўқув масканларида ўтказиладиган маданий-маърифий тадбирлар режасини белгиласин ҳамда жойларда байрамнинг кўтаринки руҳда ўтишини таъминласин.
7. Байрамни ўтказиш билан боғлиқ сарф-ҳаражатлар Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетида назарда тутилган захира маблағлари ҳисобидан амалга оширилсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Телерадиокомпанияси, Қорақалпоғистон Республикаси Матбуот ва ахборот агентлиги ва бошқада оммавий ахборот воситаларига Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигига бағишланган тадбирларни кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.
9. Мазкур фармойишнинг бажарилишини назорат қилишни ўз зиммамда қолдираман.
 
Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси                               Б.Янгибаев   
 
Нукус ш.,
2014 йил, 13 ноябр
№237-б

Ko'rib chiqildi: 5891