Qoraqalpog'iston Respublikasi Vazirlar Kengashi

Qoraqalpog'iston Respublikasining Davlat hukumat portali


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг янги расмий веб-сайтига ўтиш. http://karakalpakstan.uz

Дўстлик дарахтининг боғбонлари бор

Sahifani PDF tarzda yuklab olish Sahifani PDF tarzda yuklab olish (62 Kb)    Versiyasi    Sahifani doc tarzda yuklab olish (62 KB)

Тожикистон ва Ўзбекистон республикалари Президентлари Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсати шарофати боис, азалдан эту тирноқ бўлиб келган икки қондош ва жондош – тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги азалий дўстликнинг узилмас ришталари кундан-кунга мустаҳкамланиб, элимиз шодиёналик билан яшаётгани, қўшничилик муносабатларида ҳамкорликнинг янги уфқлари очилаётгани кўнгилларга сурур ва шодлик бағишлаб, дўст дийдорига муштоқ дилларни хушнуд этмоқда. Дўстлик тушунчаси янги маъно кашф этиб, юқори зинага кўтарилаётганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Икки халқ дўстлигининг равнақ топиши учун қулай муҳит яратилиб, энг яхши анъаналаримиз қайта тикланаётгани қувончли воқеа, албатта. 


Таниқли жамоат ва давлат арбоби, Ўзбекистон Республикасига узоқ йиллар раҳбарлик қилган улуғ инсон, атоқли адиб Шароф Рашидовнинг яхши фазилатлари ҳақида гап кетганда, уни ўзбек ва тожик халқи ўртасида мавжуд дўстлик кўпригининг шоҳ устуни эди, деб аташади. Бу таъриф беҳуда эмас, албатта. Чунки Шароф Рашидов ўзи таъкидлагандай, тожик ва ўзбек - бир қушнинг икки қаноти. Шунинг учун ҳам, у тожик ва ўзбек халқининг ўзаро дўстлигини мустаҳкамлашга баракали ва салмоқли ҳисса қўшди, бу дўстликни ўз асарларида улуғлади, баланд пардаларда шоирона куйлади ва гард юқтирмай, кўз қорачиғидай авайлади ва ҳурмат кўрсатди. 

Шароф Рашидовнинг тожик халқига нисбатан меҳри ва эътибори болалик чоғларидаёқ, аввал оилада, сўнг ҳозирги Самарқанд Давлат университетининг филология факултетида таҳсил олган пайтларда янада шаклланиб, ҳаёт мазмунига айланган эди. 

Бу эса, Шароф Рашидовнинг адабиётга, ўз она тили билан бирга тожик тилини ҳам мукаммал ўрганишига, тожик адабиёти намояндаларининг асарлари билан яқиндан танишишига йўл очди. У икки тилда олиб борилган адабий мушоира ва гурунгларда фаол қатнашиб, ўзининг шеърий машқларини устозлар ва тенгдошлари муҳокамасига ҳавола қилиб, тожик-форс адабиёти бой меросини тинмай ўрганар, ундан баҳраманд бўлиб, маънавий дунёсини бойитиб борарди. 

Шароф Рашидов буюк тожик ёзувчиси Садриддин Айнийни ўзига устоз, деб биларди. Буни биз Айний домланинг «Ўртоқ Шароф Рашидовга» деб номланган хатидан ҳам билишимиз мумкин. Айний домла бу хат орқали шоира Раъно Узоқова вафотидан сўнг, унинг қаровчисиз қолган уч яшар қизига моддий ёрдам бериш зарурлигини сўраган эди. Шароф Рашидов устознинг бу мурожаатини ерда қолдирмади. Шоиранинг қизига балоғатга етгунга қадар давлат ҳисобидан моддий ёрдам кўрсатилди. Бу мактуб тожик ва ўзбек адабиётининг арбоби Садриддин Айний ва истеъдодли ўзбек ёзувчиси Шароф Рашидов ўртасида нечоғлик яқинлик, ҳурмат ва эътибор бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир. 

Ўз меҳнат фаолиятини ижодкор, шоир ва адиб, журналистликдан бошлаган Шароф Рашидов асарларини кўздан кечирсангиз халқлар дўстлиги мавзуси етакчи ўринни эгаллаганининг гувоҳи бўласиз. 

–Тожик ва ўзбек халқи дўстлиги каби бир-бирига яқин ва қадрдон дўстликни бошқа халқлар дўстлигига қиёс қиладиган бўлсак, шубҳасиз, уни кўз-кўз қилсак арзигуликдир, – деган эди Шароф Рашидов. - Бу дўстлик илдизлари ғоят теран ва бақувват бўлиб, асрлар оша чуқурлашиб, томир отиб, дўстлик дарахтига барҳаётлик бағишлаб турибди... 

Шароф Рашидов бутун ҳаёти давомида ана шу улуғвор ғояга содиқ бўлиб қолди. Оилада ҳам, ҳаётда ҳам, ижодда ҳам тожик ва ўзбек халқларининг бирлиги, ягоналиги учун Ҳофиз Шерозий айтганидай, дўстлик дарахти ҳамиша яшилланиб туриши учун курашди. Тожик ва ўзбек халқлари ўртасида кўприк бўлди. Қаерда бўлмасин дўстликни шарафлади, дўстликка ҳидоят этди. Бу мазмун унинг амалий ишларидагина эмас, балки асарларида ҳам ўз ифодасини топди. 

Тожик ва ўзбек халқларининг дўстлиги борасида Шароф Рашидов бошлаган улуғ ишлар бугунги кунда икки республика сарварлари Имомали Раҳмон ва Шавкат Мирзиёев томонидан изчил давом эттирилаётганлиги қалбларга қувонч бағишлайди. 

Душанбе-Тошкент, Душанбе-Кўлоб-Термиз поезд йўллари қайта тикланаётганлиги, Ўзбекистон Ҳукуматининг қарори билан атоқли тожик ёзувчиси Садриддин Айний таваллудининг 140 йиллиги муносабати билан домла Айнийнинг Самарқанддаги уй-музейини қайта таъмирлаш учун ҳукумат томонидан маблағ ажратилганлиги ва ниҳоят, борди-келдини осонлаштириш чора-тадбирлари белгиланаётганлиги икки халқ дўстлигини мустаҳкамлаш йўлида қўйилган дадил қадамлардир. 

Навбатдаги қадамлар ҳали олдинда. Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповнинг ўлкамизга ташриф буюрганини улуғ ишларнинг дебочаси, дейиш мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, бу ташриф замирида унинг Тожикистонга қиладиган сафарига шароит муҳайё этишдек улуғвор мақсад бор. 

Зотан, бу икки елкадош халқ кеча ҳам, бугун ҳам, эртага ҳам бир-бирисиз, бир-бирига ёрдам қўлини чўзмай яшай олмайди. Фақат бир-бирини англаш, ўзаро ҳамкорлик орқалигина икки томон ҳам муваффақиятга эриша олади. 

Ҳар икки томон халқлари олий даражада ўтадиган бу учрашувни интиқ-интизор кутаётганлиги ойдай равшан. 

Икки давлат раҳбарларининг муборак қўллари билан ёқиб қўйилган умид чироғи яна қанчадан-қанча эзгу ишларга муштоқ кўнгилларни ёритишига, жамулжам орзуларнинг ушалишига хизмат қилиши аниқ. 

Ўз навбатида, ҳурматли Президентимиз муҳтарам Имомали Раҳмон ҳам тожик ва ўзбек халқларининг дўстлигини худованд амри биландир, деб атаган. 

– Зилол сувли сойлар пурвиқор тоғ чўққиларидан бошлангани каби икки халқ дўстлигининг зилол сойлари ўзанини икки буюк сиймо– Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоий қазиб берганини эслатиб ўтиш фараҳбахшдир,–дея таъкидлади Миллат пешвоси. - Биз бу дўстлик булоғининг мусаффо сувларига асло гард юқтирмаймиз, уни кўз қорачиғидек авайлаб асраймиз. Бу сувнинг мусаффо юзаларида хазон барглари эмас, нилуфар гуллари қийғос очилиб, сузиб юришини истаймиз… 

Тожик ва ўзбек халқлари дўстлиги бундан кейин, янада мустаҳкамланишига шак-шубҳа йўқ. Дўстлик дарахти шунчалар бақувватки, у давр бўронларини, ногаҳон берилган зарбаларни назар-писанд қилмади, тўсиқларни мардонавор енгиб, қоматини ростлаб, гуркираб ўсаверди, кўкка томон бўй чўзаверди. Чунки меҳр сувидан баҳра олиб, қуёш нурига йўғрилган дўстлик дарахти бугун ҳам ишончли қўлларда. 

Дўстлик дарахтининг ўз боғбонлари бор. Икки халқнинг улуғ сарварлари боғбонлик қилаётган бу дўстлик дарахти асрлар оша барқ уриб яшнайверади. Оқил ва доно раҳбарларимиз бор экан, дўстлик дарахти дилларни бир-бирига боғлайверади… 
 
Сулаймон Эрматов, 
Тожикистон ёзувчилари иттифоқи аъзоси.
 

 

ЎзА

20.02.2018 18:40 da elon qilingan, 1416 marta korib chiqildi