Qoraqalpog'iston Respublikasi Vazirlar Kengashi

Qoraqalpog'iston Respublikasining Davlat hukumat portali


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг янги расмий веб-сайтига ўтиш. http://karakalpakstan.uz


Sahifani PDF tarzda yuklab olish Sahifani PDF tarzda yuklab olish (71 Kb)    Versiyasi    Sahifani doc tarzda yuklab olish (71 KB)

ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ВАЗИРЛАР КЕНГАШИНИНГ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 ноябрдаги 
“Олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги 
ПҚ-2438-сонли қарори ҳақида

 

Мамлакатимизда Ўзбекистон шарафини жаҳон спорт майдонлари – Олимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон ва Осиё чемпионатларида, бошқа халқаро мусобақаларда муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш бўйича самарали тизимни яратиш, бунинг учун халқаро стандартларга жавоб берадиган, замонавий спорт ускуналари билан жиҳозланган ўқув-машқ базаларини шакллантириш, спортчиларни тайёрлаш жараёнига энг янги илмий-методик технологияларни эгаллаган юқори малакали мураббий-ўқитувчи кадрларни кенг жалб қилиш мақсадида Вазирлар Кенгаши қарор қилади:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 23 ноябрдаги “Олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-2438-сонли қарори ижро учун раҳбарликка олинсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу қарори билан:

а) Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигининг, Халқ таълими вазирлигининг, Иқтисодиёт вазирлигининг, Молия вазирлигининг, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитасининг
2016-2020 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида 14 та олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги таклифлари қабул қилинганлиги;

б) Олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланганлиги;

зарур спорт анжомлари ва ускуналари билан жиҳозланган, замонавий халқаро талаблар ва стандартларга жавоб берадиган моддий-техник ҳамда ўқув-машғулот базаларини яратиш ва турли даражадаги халқаро мусобақаларда – жаҳон ва Осиё чемпионатлари, Олимпия ва Осиё ўйинлари, Универсиадалар ҳамда бошқа халқаро ва минтақавий мусобақаларда Ўзбекистоннинг шарафини муносиб ҳимоя қилишга қодир бўлган халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлашда ушбу базалардан самарали фойдаланиш;

халқаро даражадаги спортчиларни тайёрлаш учун юқори малакали мутахассисларни – мураббийлар, психологлар ва услубчиларни, шу жумладан хорижий давлатлардан етакчи мутахассисларни кенг жалб этиш орқали олий маҳорат спорт мактаблари мураббий-ўқитувчилари таркибини мустаҳкамлаш;

спортчиларнинг ўқув-машғулот жараёнини халқаро стандартлар даражасида ташкил этиш, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, ўқув-машқ жараёнларига энг янги илмий-услубий технологияларни жорий этиш йўли билан уларни назарий ва техник-тактик жиҳатдан тайёрлаш сифатини мунтазам ошириб бориш;

ёш истиқболли спортчиларни танлаб олиш ва тарбиялаш масалалари бўйича болалар-ўсмирлар спорт мактаблари, олимпия заҳиралари коллежлари билан узлуксиз ҳамкорликни амалга ошириш, уларга ўқув-услубий ҳамда меъёрий-ахборот ёрдами кўрсатишни таъминлаш;

олий маҳорат спорт мактаблари базасида миллий терма жамоалар ва уларнинг заҳиралари иштирокида ўқув-машқ йиғинлари, республика ва минтақавий спорт беллашувларини ташкил этиш ва мунтазам равишда ўтказиб бориш, мураббийлар ҳамда спортчиларнинг касб маҳорати даражасини ошириш учун тажриба алмашиш мақсадида хорижий спорт мактаблари, клублари ва марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш;

в) қуйидагилар:

2016-2020 йилларда республика минтақаларида ташкил этиладиган олий маҳорат спорт мактаблари рўйхати 1-иловага* мувофиқ;

спорт турлари бўйича тасдиқланган ихтисослашувни ҳисобга олган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш тадбирлари режаси       2-иловага мувофиқ тасдиқланганлиги;

г) Ўзбекистон Республикаси Давлат архитектура ва қурилиш қўмитасига лойиҳалаш ташкилотлари ўртасида танлов ўтказиш ва мазкур қарорнинг 1-иловасида тасдиқланган қурилиш муддатларига мувофиқ спорт турлари бўйича ихтисослашувни ҳамда жойлаштиришнинг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларининг аниқ лойиҳаларини тайёрлаш, бунда, шунга ўхшаш объектлар қуриб бўлинган хорижий мамлакатларнинг тажрибасини албатта ўрганиб чиқиш топширилганлиги;

д) олий маҳорат спорт мактаблари юридик шахс мақомига эга спорт-таълим муассасалари ҳисобланиши ҳамда ўз фаолиятларида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ҳисобот бериши, уларнинг ихтисослашуви эса минтақаларда шаклланган спорт мактаблари ва анъаналари, мураббий-ўқитувчилар таркиби ҳамда эришилган спорт ютуқлари билан белгиланиши;

олий маҳорат спорт мактабларининг контингентини спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларнинг асосий таркиби ва уларнинг заҳирадаги спортчилари ташкил этиши, улар бепул яшаб, тўрт маҳал овқат, шунингдек спорт формаси ва анжомлари билан таъминланиши белгилаб қўйилганлиги;

е) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига:

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида,                2016 йилдан бошлаб, олий маҳорат спорт мактабларини ташкил этиш бўйича тадбирлар Режасида назарда тутилган лойиҳалаштириш, қуриш ва бошқа ҳаражатларга кетадиган зарур молиявий маблағларни топиш;

ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларини тасдиқлашда, мазкур қарорга мувофиқ, олий маҳорат спорт мактаблари қурилиши, жорий таъминоти ва уларни жиҳозлаш билан боғлиқ сарф-ҳаражатларни молиялаштириш учун бюджет маблағлари мақсадли ажратилишини назарда тутиш топширилганлиги;

ж) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ҳар йилнинг 1 январигача мазкур қарорнинг  1-иловасида кўрсатилган олий маҳорат спорт мактабларини қура бошлаш муддатларига мувофиқ уларни қуриш учун ер майдонларини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинишини таъминлаш топширилганлиги;

з) Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига мазкур қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган олий маҳорат спорт мактаблари фойдаланишга топширилганидан сўнг бир ой муддатда уларнинг тузилмасини тасдиқлаш, жумладан, етакчи хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда уларни юқори малакали мураббий-ўқитувчилар таркиби билан тўлдириш, спорт мактабларининг ихтисослашувидан келиб чиққан ҳолда ўқув-машқ хоналарини зарур моддий-техник база билан, шунингдек тегишли ўқув-услубий адабиётлар ҳамда ўқув-машқ дастурлари билан таъминлаш топширилганлиги;

й) Спорт турлари бўйича федерацияларга (уюшмаларга):

олий маҳорат спорт мактабларининг ўқув-машқ жараёнини такомиллаштиришда тизимли асосда ташкилий-кадрлар ва ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, юқори малакали мураббий-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда, халқаро спорт ҳамкорлигини ривожлантиришда, мусобақалар ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказишда кўмаклашиш топширилганлиги;

 Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро спорт ташкилотлари мураббийларини ўқитиш дастурларидан фойдаланган ҳолда олий маҳорат спорт мактабларининг мураббийлари учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, шунингдек, ўқув-машғулот жараёнига спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг кадрлари ва илмий-услубий салоҳиятини жалб этиш тавсия қилинганлиги;

к) Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига Олимпия ва спорт заҳираси бошқармаси таркибида вазирликнинг раҳбар ходимлари чекланган умумий сонини 54 нафаргача етказган ҳолда, 3 нафар ходимдан иборат спорт турлари бўйича миллий терма жамоаларни шакллантириш ва тайёрлаш бўлимини ташкил этиш, унинг зиммасига олий маҳорат спорт мактаблари, ихтисослаштирилган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари ва олимпия заҳираси коллежлари фаолиятини мувофиқлаштириш, миллий терма жамоаларни халқаро мусобақаларда қатнашишга тайёрлаш вазифалари юклатилганлиги;

л) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида олий маҳорат спорт мактаблари фаолиятини ташкил этиш юзасидан қарор қабул қилиш, қарорда олий маҳорат спорт мактаблари тўғрисидаги Низомни, шунингдек спорт мактаблари спортчиларининг яшаш жойлари, овқатланиш, спорт формаси ва анжомлари билан таъминлаш меъёрларини, молиялаштириш манбаларини тасдиқлаш назарда тутиш топширилганлиги;

м) Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш топширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Мазкур қарорнинг 1-иловасига мувофиқ Нукус шаҳрида спорт кураши бўйича олий маҳорат спорт мактабини янги қурилиш ҳисобидан 2018-2019 йилларда ташкил этилсин.

4. Белгилансинки:

олий маҳорат спорт мактаби юридик шахс мақомига эга спорт-таълим муассасаси ҳисобланиши ҳамда ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлигига ҳисобот бериши, унинг ихтисослашуви эса Спорт кураши спорт мактаблари ва анъаналари, мураббий-ўқитувчилар таркиби ҳамда эришилган спорт ютуқлари билан белгиланади;

олий маҳорат спорт мактабининг контингентини жамоанинг асосий таркиби ва унинг заҳирадаги спортчилари ташкил этиши, улар бепул яшаб, тўрт маҳал овқат, шунингдек спорт формаси ва анжомлари билан таъминланади.

5. Нукус шаҳар ҳокимлиги Қорақалпоғистон Республикаси архитектура ва қурилиш қўмитаси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси спорт курашлари федерацияси билан биргаликда шаҳар ҳудудининг иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда спорт курашлари олий маҳорат спорт мактабини янгидан қуриш учун ер ажратиш тўғрисида Вазирлар Кенгашига 2015 йил 30 декабргача таклиф киритсин.

6. Нукус шаҳар ҳокимлиги 2016 йилнинг 1 январигача Нукус шаҳрида Спорт кураши бўйича олий маҳорат спорт мактабини қуриш учун ер майдонини ажратиш тўғрисида қарор қабул қилсин.

7. Спорт курашлари федерациясига:

олий маҳорат спорт мактабининг ўқув-машқ жараёнини такомиллаштиришда тизимли асосда ташкилий-кадрлар ва ўқув-услубий ёрдам кўрсатиш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, юқори малакали мураббий-ўқитувчилар таркиби билан таъминлашда, халқаро спорт ҳамкорлигини ривожлантиришда, мусобақалар ва ўқув-машқ йиғинларини ўтказишда кўмаклашиш топширилсин.

8. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда халқаро спорт ташкилотлари мураббийларини ўқитиш дастурларидан фойдаланган ҳолда олий маҳорат спорт мактабининг мураббийлари учун ўқув семинарлари ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, шунингдек, ўқув-машғулот жараёнига спорт турлари бўйича федерациялар (уюшмалар)нинг кадрлари ва илмий-услубий салоҳиятини жалб этиш тавсия қилинсин.

9. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўн кун муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартиш ва қўшимчалар бўйича Вазирлар Кенгашига таклифлар киритсин.

10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Қорақалпоғистон Республика Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари М.Мамутов зиммасига юклансин.

 

Қорақалпоғистон Республикаси
Вазирлар Кенгашининг Раиси                                            Б.Янгибаев

 

№272
28.11.2015 й.
Нукус ш.


Ko'rib chiqildi: 4967

Sahifalar